SPORTS.uz`да жаҳон чемпионати кундалиги (3-сон)
Қатардаги жаҳон чемпионати давом этади. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этиб бормоқда.
Қатардаги мундиалда нурсиз дуранг қайд этилди-ю, 0:0 ҳисоби кўпайди. Марокаш - Хорватия учрашувида ҳам томошабинлар гол кўра олмади.
Япония ҳам Саудия каби сенсация кўрсатди. Аввал ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Аммо кейин 2 та гол уриб, Германияни доғда қолдирди.
Испания илк турни голлар шоуси билан бошлади. “Қизил фурия” жамоасининг иштаҳаси анча карнай кўринади. Коста-Рикага тажрибали Кейлор Навас ҳам ёрдам бера олмади.
Бельгия жуда қийин аммо муҳим ғалабага эришди. 36 йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатига чиққан Канада Бельгиянинг “олтин авлод”идан очко олишига бир баҳия қолди. КОНКАКАФ жамоасига фақатгина омад етишмади.
Қуйида мана шу ўйинлар ҳақида фикр юритамиз.
Хорватия - Марокаш
Кеча Қатар мамлакатида ўтаётган жаҳон чемпионати 1-туридан ўрин олган баҳслар давом эттирилди. Унда дастлаб Марокаш Хорватия билан куч синашди. Ушбу беллашувда жамоалар муроса кўчасини танлаб, 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.
Бу дуранг сабаб хорватияликлар Африка термаларига қарши ўтказиб келаётган "қуруқ ўйин"ини давом эттирди. Аввалги баҳсларда хорватлар Камерунни 4:0, Нигерияни эса 2:0 ҳисобида таслим этган. Фақат бу сафарги учрашувда жамоа 3 очкони қўлга кирита олмади.
Беллашувда икки терма ҳам дарвоза томон 7 тадан зарба берди. Энг қизиғи, аниқ зарбалар сони ҳам тенг - 2 га 2.
Аҳамиятлиси, Марокаш мундиалдаги сўнгги 9 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда. Улар беллашувларда 2 дуранг ва 7 мағлубият қайд этган. Охирги марта африкаликлар 1998 йилги жаҳон чемпионатида Шотландия устидан 3:0 ҳисобида зафар қучганди.
Хорватия сардори Лука Модрич бу беллашувда ўзига хос рекорд қайд этди. У 25 та ҳалқаро учрашувда майдонга тушиб, терма жамоа тарихида етакчи бўлиб олди. Қолаверса, Лука 3 та декадада (2000, 2010 ва 2020 йиллар) мундиал ва Евро учрашувларида қатнашган ягона футболчига айланиб олди.
Илк турда икки жамоа ҳам гол уриш учун яхшигина тер тўкди. Аммо баҳс нурсиз дуранг билан якун топди.
Германия - Япония
Навбатдаги баҳс Германия ҳамда Япония терма жамоалари ўртасида кечди. Европа ва Осиё термаларининг ўзаро тўқнашувида "кунчиқар юрт вакиллари" сенсацион тарзда камбэк қилиб, ғалабани қўлга киритди.
Дастлаб, 33-дақиқада Гюндоган пенальтидан унумли фойдаланди ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ 75-дақиқа ўтиб бораётган бир вақтда Доан посбондан қайтган тўпни бўш дарвозага жойлаб қўйди - 1:1. 8 дақиқа ўтгач, Асано қанотдан рақиб мудофаасини ёриб кирди ва кучли зарбаси билан тўпни германияликлар дарвозасига киритди. Шу тариқа, қитъадошларимиз ирода намойиш этиб, муҳим ғалабани қўлга киритди.
Беллашув давомида Германия ва Япония жамоалари умумий ҳисобда 38 та зарба берди. Улардан 13 таси дарвоза томон аниқ борди. 9 таси германияликлар ва 4 таси японияликлар фойдасига.
Антиқа фактлардан бири сифатида Япониянинг мундиалдаги кетма-кет иккита илк тур ўйинида зафар қучганини айтиб кетишимиз мумкин. 2018 йилда "самурайлар" 1-тур доирасида Колумбияни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.
Эътиборлиси, европаликлар таркибида ягона гол муаллифи бўлган Гюндоган учун мазкур гол мундиаллар тарихидаги биринчисига айланди. Бироқ ушбу гол унинг жамоасига ғалабани тақдим этиш учун камлик қилди.
Қолаверса, Германия жаҳон чемпионати доирасидаги охирги 2 ўйинида айнан Осиё жамоаларига имкониятни бой берди. 2018 йил гуруҳ босқич 3-турида Жанубий Корея 2:0, бу йил гуруҳ босқич дастлабки турида Япония 2:1 ҳисобида немисларни доғда қолдиришга эришди.
Яна бир қизиқ ҳолат, 22 ноябрь. Месси 11 метрлик нуқтадан Саудия дарвозасини ишғол этди, иккинчи таймда "саҳро лочинлари" ғалабани илиб кетди;
23 ноябрь. Гюндоган 11 метрлик нуқтадан Япония посбонини ожиз қолдирди, иккинчи бўлимда "самурайлар" ғалабани ўзиники қилди;
Осиёликларга пенальти тепишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш керакмикин!?
Испания - Коста-Рика
Испания - Коста-Рика баҳсида йирик ҳисоб қайд этилди. "Қизил фурия" рақиб дарвозасига жавобсиз 7 та тўп йўллади.
Ўйинда Ферран дубль муаллифига айланди. Шунингдек, Ольмо, Асенсио, Гави, Сольер ҳамда Мората биттадан гол урди.
Ушбу муваффақият орқали Испания терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги битта ўйинда гол уриш бўйича ўз рекордини янгилади. Испания ўз тарихида илк бор мундиалдаги битта учрашувда рақиб дарвозасини 7 бор ишғол қилди. Испанлар ҳозирча бу турнирдаги энг йирик ғалабани қайд этмоқда.
Луис Энрике шогирдлари ушбу беллашувда 1043 та пас берди. Уларнинг деярли 94 фоизи аниқ чиқди. Тўпга эгалик қилишда ҳам испанлар катта устунликка эришди 82% - 18%.
Қайд этиш жоиз, Гави Испания сафида турнирда майдонга тушган энг ёш ўйинчига айланиш билан бирга, ЖЧда гол урган энг ёш испан футболчиси бўлди. Гави 18 ёш, 110 кунлигида ушбу натижага эришди. Учрашувнинг энг яхши футболчиси ҳам айнан у.
Бельгия - Канада
Бельгия - Канада учрашувида мухлислар битта гол кўришди. Бир сўз билан айтганда, ўйин тақдирини биргина гол ҳал қилди.
Миши Батшуайи томонидан 44-дақиқада киритилган гол бельгияликларга ғалаба келтирди. Аммо КОНКАКАФ жамоасида ҳам имконият бўлди. Жумладан, 11-дақиқада Дэвис панльтидан гол ура олмади. Ушбу вазиятда Тибо Куртуа рақиби тепган тўпни қайтарди.
36 йиллик танаффусдан сўнг мундиалга чиққан Канада “олтин авлод” дея аталадиган жамоа вакилларига жиддий қаршилик кўрсатгани бор гап. Хатто улар Бельгия дарвозаси томон 21 та зарба берди.
Шу тариқа, Бельгия мундиаллардаги мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда. Бельгияликлар охирги марта 1994 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Германияга 2:3 ҳисобида ютқазганди. 1998 йили жамоа уч дуранг қайд этган. 2002 йили бир ғалаба ва иккита дуранг. 2014 ва 2018 йилда учтадан ғалабани ўз ҳисобига ёздириб қўйганди. Бу галги мундиалда эса серияни давом эттирмоқда.
Фикрлар